Таълим-тарбия ва авлод камолоти

Миллий матбуот марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янада юксак поғонага олиб чиқиш, соғлом авлодни вояга етказишдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади. 



Ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш, уларга билим бериш ҳамда замонавий касб-ҳунарларни ўргатишга салмоқли ҳисса қўшиб келаётган устоз-мураббийлар Ватанимизнинг, халқимизнинг доимий ардоғида. Педагоглар меҳнатини рағбатлантиришга оид амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар натижасида ўқитувчиларнинг ўртача меҳнат ҳақи йилдан-йилга оширилмоқда. 

Ҳозирги кунда халқ таълими тизимида 390 мингга яқин педагог меҳнат қилмоқда. Таълим самарадорлигини таъминлашда ўқитувчининг касб маҳорати, билим ва кўникмаси муҳим омиллардан ҳисобланади. 

Тизимда “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши мактаб психологи”, “Йилнинг энг яхши мактаб директори”, “Йилнинг энг яхши услубчиси” ва бошқа кўрик-танловларнинг мунтазам ўтказилаётгани таълим жонкуярларининг ўзаро тажриба ва фикр алмашишига имкон яратмоқда. Шу билан бирга, самарали ўқув-тарбия услубларини, илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар иш тажрибасини кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги қарори асосида халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, ўқув жараёни таълимнинг миллий модели хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилинмоқда. Эндиликда халқ таълими тизими ходимларининг малака оширишдан ўтиши учун қулай шароит яратилиб, педагог кадрларнинг методик таъминоти ва ўқув-тарбия жараёнининг сифати яхшиланди. 

Ёш кадрларни ишга жалб этиш таълим даргоҳларида ижобий рақобатни кучайтириш билан бирга, ўқув жараёнига янгича қараш, замонавий усул ва шаклларнинг татбиқ этилишига имкон яратаётир.

Ўтган ўқув йилида жами 47 туман ва қишлоқ аҳоли пунктларида чет тиллар ўқитувчилари ихтисослиги бўйича етишмайдиган кадрларни тайёрлаш учун 200 нафар абитуриент олий таълим муассасаларига мақсадли қабул қилинди. 

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди. 

Манба www.uza.uz web сайти