Ёшларга кўмакдош тармоқ

Президентимиз мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида айни пайтда интерфаол хизматлар кўрсатишни ўз ичига олган ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва жамоат бирлашмалари томонидан миллий ахборот-қидирув тизимини такомиллаштириш, ижтимоий-маданий йўналишдаги ахборот ресурсларини янада кўпайтиришга йўналтирилган ишлар мунтазам олиб борилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 28 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. 

Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида турли ташкилотлар томонидан маълумотлар узатиш тармоқларида тарқатилаётган таълим ва ёшларга мўлжалланган ахборот ресурслари ягона ZiyoNET жамоат таълим ахборот тармоғига бирлаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 10 июлдаги “ZiyoNET таълим ахборот тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ахборотлаштиришнинг миллий тизимини, қулай ахборот маконини шакллантириш, замонавий, ишончли, хавфсиз маълумотлар базасини яратиш ишларининг жадаллашувида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Бугунги кунда юртимиздаги барча таълим муассасалари ZiyoNET тармоғига уланган. Фойдаланувчилар учун қирқ мингдан зиёд маъруза матнлари, илмий ишлар, рефератлар, ўқув дастурлари, маданий-маърифий тадбирлар, қонунчиликка оид маълумотлар, ўқув дарсликлари, спорт, болаларга мўлжалланган ахборот веб-ресурслари тармоққа жойлаштирилган. 

Видео, блоглар, форум ва бир қанча лойиҳалардан иборат Ziyonet.uz портали кенг оммага мўлжалланган йирик интернет ресурсларидан биридир. 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, фойдаланувчиларни рўйхатга олиш ZiyoNET порталининг ўзида амалга оширилади. Улар ID.UZ идентификация тизимида шахсий кабинетга ва uMail.uz тизимида почта қутисига эга бўлади. Жойланган ҳар бир файл медиа-омборда сақланади. Барча медиа-материаллар – фото, видео, аудиоларни media.ziyonet.uz манзилидан топиш мумкин. 

Миллий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ва илмий, таълимга оид ахборот ресурслари билан мунтазам бойитиб бориладиган тармоқ бугунги кунда янада такомиллаштирилаётир. ZiyoNET уч тилда – ўзбек, рус, инглиз тилларида ўз ўқувчиларини ахборот билан таъминлайди. Тармоқ энг сўнгги янгиликларни мунтазам ёритиш билан бирга, унда етмиш мингдан ортиқ асар жамланган. 

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги "Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида порталда «Чет тиллари» бўлими ташкил этилди. Инглиз ва бошқа хорижий тилларга оид тўрт мингдан ортиқ материал, жумладан, ўқув қўлланмалари, интерактив дарслар, ўйинлар, видео ва аудиолавҳалар чет тилини ўрганувчилар учун кўмакчи вазифасини ўтамоқда. 

Яқин кунгача интернетнинг миллий сегментида “Савол-жавоб” хизмати йўқлиги боис, Google ва хорижий ресурслардан фойдаланилар эди. Мазкур хизмат турининг яратилиши ўқувчи-ёшларга ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб топиши учун кенг имконият яратди. 

Ёшларни рағбатлантириш, фаолиятини оммалаштириш, улар эришаётган натижаларни кенг оммага етказиш мақсадида тармоқда “Иқтидорли ёшлар” бўлими ташкил этилган. Унда айни вақтгача турли соҳаларда муваффақиятга эришаётган беш юздан зиёд йигит-қизнинг фаолияти ёритилган. 

Бундан ташқари, “Арбоблар”, “Таълим”, “Сайтлар”, “Абитуриент”, “Ўзбекистон маданий мероси”, “Ўйинлар”, “Кутубхона”, “Имкониятлар”, “Тадбирлар”, “Муассасалар” ва uRadio.uz интернет-радио каби бўлимларда фойдаланувчи ўзи учун керакли манбаларни топиши мумкин. 

– Тармоқдаги маълумотлар базаси биз, педагогларга анча енгиллик яратмоқда, – дейди пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 300-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Зуҳра Алиева. – Ушбу манбани ўқувчиларга тавсия қилаётганда ҳам кўнглимиз хотиржам бўлади. Негаки унда болалар руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган, турли иллатларга бошлайдиган маълумотлар йўқ. Дарс жараёнида ёшларда ахборот олиш маданиятини мунтазам шакллантириб бориш асосий вазифамиз. 

Янги uTube.uz лойиҳаси доирасида фаолият бошлаган бўлимда қирқдан зиёд йўналишлардаги 13 минг 330 видеолавҳа жой олган бўлиб, табиий, аниқ ва ижтимоий фанлар, ота-оналар, болаларга мўлжалланган видеолавҳалар фойдаланувчи қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган. Турли фанлар бўйича махсус адабиётлар фойдаланувчиларга қулайлик яратмоқда. 

– Кўп фойдаланувчи блоги майдонига эга Fikr.uz ҳам ZiyoNET таркибида бўлиб, унда маълумотларни жойлаштириш ва фойдаланиш имконияти кенг, – дейди Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги ZiyoNET ресурс маркази бўлим бошлиғи Улуғбек Тайлоқов. – Унда таълим, фан, маданият, ахборот технологиялари ва бизнес мавзуларида мақолалар, жамоавий ва шахсий блоглар ташкил этилган. Бу интернет фойдаланувчиларини ёшлар ҳаётидаги янгиликлардан бохабар этиб боради. Шахсий блоглар мавзуларига кўра маданият, таълим, ҳордиқ, жамият, спорт, рўзғор ва бошқа қизиқарли мавзулардаги маълумотларни, болаларнинг ёшига кўра бошқотирма ва топишмоқларни ўз ичига олган. 

Мамлакатимизда ҳар бир оила ҳаётида замонавий ахборот технологиялари, рақамли ҳамда кенг форматли телекоммуникация воситалари, интернет тизими тобора чуқур ўрин эгаллаб бормоқда. Интернетдан фойдаланувчи ёшларимизнинг маънавий озуқа олиши, керакли маълумотларни тез ва сифатли топиши учун яратилган мазкур портал ижодкорлари бугунги кунда ахборотларнинг тезкорлиги, маълумотларнинг ишончлилиги ва янгиликлар яратиш устида иш олиб бораётир. 

Фарзандларимизда болалигидан шакллантирилган соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғуси, ҳар томонлама чуқур ўйланган, узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия улар камолотида муҳим ўрин тутади. Бу яратилган шароитлардан оқилона фойдаланадиган, миллий ғурур, Ватанга садоқат каби туйғулар қалбида жўш урадиган ёшларимиз сафини янада кенгайтиради. 

 

 

Барно Мелиқулова, ЎзА