«ҚИЁМАТГА ҚОЛГАН ҚАРЗ» НОМЛИ ҲУЖЖАТЛИ ФИЛЬМ

   2016 йил 5 феврал куни ўзбек филологияси факультети талабаларига  «Қиёматга қолган қарз» номли ҳужжатли фильми намойиш этилди. Ушбу фильм ўз нафсининг қулига айланган, беҳисоб бойлик, мол-дунё орттириш илинжида она халқини, Ватанини сотишга ҳам тайёр турган разил ва хиёнаткор кишиларнинг, бегуноҳ инсонлар қонини тўкишдек тубанликни касб қилиб олган кимсаларнинг манфур ишлари ҳақида. Муқаддас динимиздан ниқоб сифатида фойдаланиб, ёвузликнинг энг олий кўринишини очиқ-ошкора намойиш этаётган ватанфурушларнинг қилмишлари тўғрисида.

.

 

  Ачинарлиси шундаки, улар орасида зиёли оилада тарбия кўрган, ўзлари ҳам олий маълумотга эга бўлганлар бор. Хунрезликларни амалга ошираётган чет эллик ёвуз кимсаларнинг найрангларига учиб, ўз Ватани, халқи, ота-онаси, оиласи олдидаги бурчларини тамомила унутган жиноят оламининг бу янги вакилларини ҳеч қачон  оқлаб бўлмайди.

  Маълумки, дунёнинг кўплаб давлатларида нотинчлик ҳукм сураётган ҳозирги пайтда тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етмасдан, халқимиз осойишталигини бузишга, бу ҳам камлик қилгандек, жадал суръатлар билан ривожланаётган мамлакатимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётган бундай пасткаш кимсаларни «ватандошимиз», «юртдошимиз» ёки «маҳалладошимиз», дейишдан ор қилади киши. Улар нафақат ўзларини, балки бутун яқинларини, маҳалладошларини, қариндош-уруғларини, оиласини иснодга, маломатга қўяётганлари, афсус ва надоматлар бўлсинки, аччиқ ҳақиқатдир.

   Ўта шафқатсизлик негизида юзага келган бундай оғир жиноятларнинг олдини олишнинг ягона йўли, назаримизда, бола тарбиясига жиддий эътибор билан ёндашиш, оилада, маҳаллада ва таълим муассасаларининг барча бўғинларида босқичма-босқич, узлуксиз равишда ёшлар маънавиятини юксалтириб бориш, уларнинг қалбида ўз Ватанига, халқига, ота-онасига нисбатан улкан ва сўнмас муҳаббат туйғусини шакллантириш, энг муҳими, маънавий бўшлиқнинг юзага келишига зинҳор йўл қўймасликдир. Шундай экан, юртимиз тинчлиги, бугунги озод ва фаровон турмушимизнинг бардавомлиги йўлида барчамиз бирдек жон куйдиришимиз, фидокорона меҳнат қилишимиз лозимлигини ватандошларимиз, айниқса, ёшларимиз онгига доимий равишда сингдириб боришни таклиф қиламиз.